ИЛК ҚАДАМ, УЛКАН ОРЗУЛАР: БАНДИХОНДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ БОШЛАНДИ!
2026-09-02 08:00:00 / Янгиликлар

Бугун Бандихон туманидаги 45 та умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” жаранги янграб, янги ўқув йилига тантанали старт берилди.
Айниқса, тумандаги 2 115 нафар болажоннинг илк бор мактаб остонасига қадам қўйгани ушбу кунни янада унутилмас ва ҳаяжонли байрамга айлантирди. Уларнинг қўлларида гул, қалбларида эса катта орзулар билан мактаб сари йўл олгани — юртимиз келажагининг ёрқин ифодасидир.
Бандихон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган Билимлар куни тадбирларида ўқувчилар, устозлар ва ота-оналар иштирок этди.
Тадбирда Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламурадов ҳам иштирок этиб, ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий муборакбод этиб, Президентимизнинг ўқувчи ёшлар ҳамда устоз мураббийларга табригини ўқиб эшиттирди.
“Бугун юртимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Сиз, азиз ўқувчилар, ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, пухта билим олишингиз, устозларингизнинг ишончини оқлашингиз ва келажакда Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишингиз керак. Ишонамизки, сизларнинг ҳар бир ютуғингиз Ватанимизнинг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор бўлади”, — деди туман ҳокими Абдумалик Алламурадов ўз табригида.
1-синфга илк қадам қўйган барча болажонларга Президент совғаси — зарур ўқув қуроллари тўпламлари ҳамда барча умумтаълим мактабларига китоблар жамланмалари тантанали равишда топширилди.
Бугун жаранглаган “Биринчи қўнғироқ” нафақат янги ўқув йилининг, балки минглаб болажонларнинг катта орзулар сари илк қадамининг рамзига айланди.
Азиз ўқувчилар! Янги ўқув йилингиз муборак бўлсин! Илмингиз зиёда, орзуларингиз улкан, келажагингиз порлоқ бўлсин!









