КОРРУПЦИЯСИЗ ЖАМИЯТ САРИ
2026-07-13 17:00:00 / Янгиликлар

Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган тизим шакллантирилди.
Бироқ кўрилаётган тизимли чораларга қарамай, бир қатор соҳаларда коррупция ҳолатлари юқорилигича сақланиб қолаётганлиги коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини ошириш, коррупцияга оид жиноятлар содир этганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек ёшларни коррупцияга нисбатан муросасизлик руҳида тарбиялашни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1155-сон Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик ва жазо чораларини кучайтиришга, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий кенгашлар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхатини белгилашга, коррупция ҳақида хабар берган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга, давлат харидларини амалга оширишда коррупциявий омилларни қисқартиришга, шунингдек ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилишини ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра 73-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги «в1» банд билан тўлдирилди. Унга кўра, эндиликда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, шунингдек фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахсга; мазкур модда «г» бандига киритилган тўлдиришга биноан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун қўлланилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, Жиноят кодекси бешинчи бўлимида ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ЖК 205-модда иккинчи қисми диспозициясидаги «б» банд қуйидаги мазмундаги «б» ва «в» бандлар билан алмаштирилди. Унга биноан, ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлгнан ҳолатлар уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ёки ғаразгўйлик ниятларида содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан Қонуннинг 81-моддаси биринчи қисм билан тўлдирилиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш, давлат органларининг, оммавий ахборот воситаларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланиши белгиланди.
Ушбу модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилиб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилди.
Хусусан, мазкур орган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни шакллантириш ва амалга оширишда бевосита иштирок этиши, мамлакатдаги коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилади, шунингдек коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларни ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаши белгиланди.
Шу билан бирга киритилган муҳим ўзгартиришлардан бири 83-моддага киритилган ўзгартириш ҳисобланади. Унга кўра давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларига ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган лавозим, хизмат ва (ёки) бўлинмадан иборат комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари:
-давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички сиёсат амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳадаги фаолият мувофиқлаштирилишида бевосита иштирок этади;
-давлат органи ва ташкилоти фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлайди;
-давлат органи ва ташкилоти тизимида қонунга риоя этиш, унга нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш ва бу борада аҳолининг ижобий фикрини шакллантириш чораларини кўради;
-давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
-коррупцияга оид хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;
-давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириб бориш чораларини кўради;
-давлат органи ва ташкилоти фаолиятида шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши назорат тизимини амалга оширади;
-давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этади;
-коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади ҳамда қонунда белгиланган ҳуқуқларга эга бўлади.
Давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳ фаолиятига раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда уларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари юқори турувчи комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати билан келишган ҳолда тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиш, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати мувофиқлаштириб боради.
Бундан ташқари, мазкур Қонун 271-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри юритилиши белгиланган бўлиб, унга биноан коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрига киритилади.
Электрон реестрда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Электрон реестрга киритилган шахсларга нисбатан тегишли чекловлар белгиланди.
Электрон реестрдан маълумот олиш тартиби, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларни Электрон реестрдан чиқариш асослари ва тартиби, шунингдек давлат органларининг Электрон реестрни юритиш борасидаги ҳамкорлиги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ юқоридаги Қонунга яна бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонунларига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга, коррупцияга қарши курашиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади ҳамда ушбу иллатга қарши муросасиз курашишга даъват этади.
Термиз туманлараро
иқтисодий судининг судьяси Ботиржон Абдуллаев
