Ҳар бир мурожаат — эътибор ва амалий ечим марказида!
2026-07-10 10:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларига ечим топиш мақсадида туман ҳокими Абдумалик Алламурадовнинг навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди.
Қабул аввалида аввалги қабулларда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг ижроси юзасидан масъул раҳбар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Ҳар бир мурожаатнинг бажарилиш ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, амалга оширилган ишлар бўйича аниқ маълумотлар тақдим этилди. Бу эса ҳар бир мурожаат амалда ўз ечимини топаётганидан далолат беради.
Президент Халқ қабулхонаси биносида ўтказилган қабул давомида туманнинг турли маҳаллаларидан келган фуқаролар электр таъминотини яхшилаш, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, деҳқон хўжалиги учун ер ажратиш, МИБга оид ҳамда бошқа долзарб ижтимоий масалалар юзасидан мурожаат қилдилар.
Қабул давомида жами 11 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 4 таси жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар юзасидан эса масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Бандихонда ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашилмоқда. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаатлари ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам. Халқ дардини тинглаш, муаммоларига амалий ечим топиш ҳамда аҳоли розилигини таъминлаш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Халқ билан очиқ мулоқот — ишончли бошқарув ва фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдеворидир.









