Бандихонлик хотин-қизлар учун янги имкониятлар: сертификатлар топширилди!
2026-06-27 10:50:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишга қўллаб-қувватлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида амалга оширилаётган “Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – 2-фаза” лойиҳасининг “Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш” йўналиши доирасида ташкил этилган ўқув курслари муваффақиятли якунланди.
Шу муносабат билан Бандихон тумани ҳокимлигида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Абдумалик Алламурадов, лойиҳа координатори З. Муйдинов ҳамда Алфа Лине (Энcомпасс) компанияси раҳбари Д. Отабоев иштирок этди.
Тадбир давомида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ҳамда грант танловида ғолиб бўлган фаол хотин-қизларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, оилалар даромадини ошириш ва қишлоқ ҳудудларида хусусий тадбиркорликни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бандихонлик ташаббускор ва изланувчан аёлларни эришган ютуқлари билан самимий табриклаймиз ҳамда уларнинг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаймиз!









