Қишлоқ хўжалигидан инвестициягача: Бандихонда муҳим масалалар муҳокама қилинди
2026-06-29 08:30:00 / Янгиликлар

Бандихон тумани ҳокимлиги мажлислар залида туман ҳокими Абдумалик Алламурадов раҳбарлигида ҳокимлик масъуллари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида навбатдаги ҳокимлик соати бўлиб ўтди.
Йиғилишда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги устувор вазифалар ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати батафсил таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида қуйидаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини якунлаш ҳамда ерлардан унумли фойдаланиш ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш;
Ғўза парваришини агротехник талаблар асосида ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;
Ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва даромадли меҳнатга жалб этиш;
Маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш;
Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий фаолликни ошириш;
Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида, қонуний ва ижобий ҳал этиш, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик.
Йиғилиш якунида ҳар бир йўналиш бўйича масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш, ижро интизомини кучайтириш ҳамда аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган ишларни жадаллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Бандихон туманида ҳар бир амалга оширилаётган ислоҳот, ҳар бир белгиланган вазифа ва ҳар бир қабул қилинаётган қарор — аввало, халқ фаровонлиги ва фуқаролар манфаатини таъминлашга қаратилган.




