Бандихон туманида Қурбон ҳайити намози кўтаринки руҳда адо этилди
2026-05-27 08:30:00 / Янгиликлар

Бугун эрта тонгдан Бандихон туманидаги масжидларда муборак Қурбон ҳайити намозлари ўқилиб, юртдошларимиз эзгу ният ва самимий дуолар билан бир масканга жам бўлди.
Тумандаги 2 та жоме масжидида ташкил этилган ҳайит намозларида 6,5 мингга яқин намозхон иштирок этди. Нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари биргаликда ибодат қилиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаёт учун шукроналар айтди.
Ҳайит намозига ташриф буюрган фуқаролар элимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга омонлик ва қут-барака тилаб дуога қўл очди. Меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенглик ғоялари улуғланган ушбу муборак айём инсонларни янада бирлаштириб, қалбларга эзгулик улашмоқда.
Қурбон ҳайити кунлари Бандихон туманида диний маросимларни тартибли ва хавфсиз ўтказиш мақсадида барча зарур ташкилий чоралар кўрилди. Масжидлар атрофида фуқаролар учун қулай шароитлар яратилиб, жамоат тартиби ва осойишталик таъминланди.
Муборак Қурбон ҳайити халқимиз ҳаётига тинчлик, хонадонларимизга файз-у барака, юртимизга янада тараққиёт ва фаровонлик олиб келсин!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









