Бандихон туманида мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари бошланди
2026-05-25 16:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида умумтаълим мактабларини 2026–2027-ўқув йилига пухта тайёрлаш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг топшириғига асосан таълим муассасаларида ўқувчилар учун янада қулай ва замонавий шароит яратиш мақсадида синфхоналарни таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича Бандихон туманида семинар ташкил этилди.
Туман ҳокими Абдумалик Алламурадов бошчилигида мактабларни таъмирлаш ва янги мавсумга тайёрлаш учун 5 турдаги қурилиш материаллари ажратилди.
Тумандаги 45 та умумтаълим мактабига маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан 300 миллион сўмга яқин қийматдаги қурилиш материаллари етказиб берилди. Ушбу материаллар орқали синфхоналар, санитария хоналари, ташқи ҳудудлар ҳамда бошқа инфратузилма обектларида таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Энг муҳими, бу каби амалий ёрдам мактабларда сифатли таълим муҳити яратиш билан бирга, ота-оналар ва фуқаролардан турли ноқонуний пул йиғимларининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши ва замонавий шароитда таҳсил олиши йўлида ишлар давом этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









