Ташаббус натижаси: Бандихон тумани Сарой маҳалласи йўлларига асфалт ётқизилди
2026-05-19 11:30:00 / Янгиликлар

Бугун юртимизда “Ташаббусли буджет” лойиҳаси орқали аҳолининг кўп йиллардан буён ечим кутаётган муаммолари босқичма-босқич ҳал этилиб, ҳудудлар қиёфаси тобора ободлашиб бормоқда. Энг муҳими, бу жараёнларда фуқароларнинг ўзи фаол иштирок этиб, ўз ҳудуди равнақи учун ташаббус кўрсатмоқда.
Бандихон туманида ҳам мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда одамларни рози қилишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, тумандаги “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси “Ташаббусли буджет”нинг жорий йилги биринчи мавсумида фаол қатнашиб, ўз ташаббусларини ғолиблар сафига олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Натижада маҳалланинг “Работак” кўчасидаги 3100 метр ички йўлларига асфалт қопламаси ётқизилди. Эндиликда ушбу ҳудуд аҳолиси учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконияти яратилди.
Эътиборлиси, амалга оширилган ишларда маҳалла аҳли ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ўзининг бирдамлиги ва фаоллигини яна бир бор намоён этди. Бу эса халқ билан бамаслаҳат амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус албатта ижобий натижа беришини кўрсатмоқда.
Обод маҳалла — фаровон ҳаёт демакдир. Ҳудудларни янада кўркам ва яшаш учун қулай масканга айлантириш йўлидаги бундай эзгу ишлар изчил давом этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати







