Бандихонда “Ибратли оила”лар эътироф этилди
2026-05-15 17:00:00 / Янгиликлар

15-май — "Халқаро оила куни" муносабати билан Бандихон туманида маънавий-маърифий руҳдаги самимий тадбир ташкил этилди. Унда оила қадри, меҳр-оқибат, аҳиллик ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш каби эзгу тушунчалар яна бир бор улуғланди.
Тадбир давомида Бандихон туман ҳокими Абдумалик Алламурадов тумандаги барча оилаларни ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этиб, жамиятда ўзининг аҳиллиги, фарзандлар тарбиясига бўлган масъулияти, меҳнацеварлиги, одоб-ахлоқи ва намунали турмуш тарзи билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишонларини тантанали равишда топширди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир маҳалла ва жамиятнинг мустаҳкамлиги, аввало, оиладаги соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва тотувликка боғлиқ. Айниқса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилавий анъаналарни давом эттириш ҳамда мустаҳкам оилаларни қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, жорий йилда Бандихон туманида 6 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди. Ушбу оилалар ўзининг ҳаётий тажрибаси, аҳиллиги, фарзандлар тарбиясидаги ибратли ёндашуви ҳамда жамиятдаги фаоллиги билан кенг жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
Тадбир якунида нуронийлар, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари томонидан юртимизда инсон қадри улуғланаётгани, оилалар фаровонлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга юксак баҳо берилди.
Зеро, тинч ва фаровон жамият — мустаҳкам ва аҳил оилалардан бошланади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати








