Бандихонда ғалла мавсумига қизғин тайёргарлик давом этмоқда!
2026-05-16 08:45:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмай, қисқа муддатларда йиғиб олиш мақсадида барча зарур тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Шу мақсадда тумандаги мавжуд ғалла ўриш комбайнларининг техник шайлиги яна бир бор атрофлича кўздан кечирилди.
Жараёнда туман ҳокими Абдумалик Алламурадов, туман ИИБ бошлиғи Жўрабек Тўраев, масъул ташкилот раҳбарлари ҳамда тажрибали комбайн операторлари иштирок этди.
Тумандаги 11 та замонавий комбайн 40 километр масофада ҳаракатлантирилиб, уларнинг техник ҳолати, ишлаш қуввати ва мавсумга тайёргарлиги синовдан ўтказилди. Барча жараёнлар йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.
Бугунги тайёргарлик — эртанги мўл ҳосил кафолати!
Туманда ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш учун:
6 та махсус отряд шакллантирилди
11 та замонавий комбайн тўлиқ шай ҳолатга келтирилди
50 га яқин ташиш техникалари жалб этилди
Механизаторлар учун қулай дам олиш масканлари ташкил қилинди
Бугунги меҳнат ва пухта тайёргарлик орқали далалардаги ҳар бир бошоқнинг қадри сақлаб қолинади. Бандихонлик миришкорлар бу йил ҳам мўл ҳосил етиштириш ва уни талафоциз йиғиб олиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.









