Бандихонда маҳаллалар ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда
2026-05-16 09:20:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда юртимизда инсон қадри, маҳаллалар ободлиги ва муқаддас масканларга эҳтиром кўрсатиш устувор вазифалардан бирига айланган. Сурхондарё вилоятида ҳам аҳоли учун янада файзли, озода ва обод муҳит яратиш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ҳашар ишлари давом этмоқда.
Хусусан, Бандихон туманидаги маҳаллалар ва қабристонларда ёшлар, нуронийлар ҳамда фаол фуқаролар томонидан ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Туманнинг Наврўз маҳалласида жойлашган “Оқмозор ота” қабристонида ташкил этилган ҳашар давомида ҳудудлар чиқиндилардан тозаланиб, дарахт ва гул кўчатлари парвариш қилинмоқда. Йўлаклар тартибга келтирилиб, қабр атрофлари озода ҳолга келтирилмоқда. Бу каби эзгу ташаббуслар маҳалла аҳли ҳамжиҳатлигини, катталарга ҳурмат ва қадриятларга садоқатни янада мустаҳкамламоқда.
Айниқса, ёшларнинг ана шундай хайрли ишларда фаол иштирок этаётгани келажак авлоднинг миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланаётганидан далолат беради. Нуронийларнинг дуоси, маҳалла фаолларининг ташаббуси ва фуқароларнинг бирдамлиги билан амалга оширилаётган ҳар бир ободонлаштириш ишлари юртимиз файзига файз қўшмоқда.
Муқаддас масканларни асраб-авайлаш, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва яшилликни кўпайтириш эса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Азиз туманимиз аҳли, келинг, маҳалламиз, кўчамиз ва зиёратгоҳларимиз ободлиги учун барчамиз биргаликда ҳисса қўшайлик!









