Бандихон туманида қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларига старт берилди
2026-05-12 08:00:00 / Янгиликлар

Бугун, 12-май куни Бандихон туманида бошқарув органлари ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш давлат тизими (ФВДқТ) ҳудудий қуйи тизими хизматларининг табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатларини мустаҳкамлашга қаратилган қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларига старт берилди.
Мазкур ўқув машғулотининг биринчи куни доирасида хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги, тезкор бошқарувни йўлга қўйиш ҳамда фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларни самарали сафарбар этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Машғулот аввалида Бандихон тумани ҳокими — Фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Алламурадов ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ш.Шукуров бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Унда туман ФВДқТ хизматлари раҳбарларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича ишлаб чиқилган режалар ва қабул қилинган қарорлари тингланиб, уларнинг амалий ижроси юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур ўқув машғулотлари фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати






