Хотира бор экан — миллат барҳаёт!
2026-05-08 09:00:00 / Янгиликлар

9-май — “Хотира ва қадрлаш куни” юртимизда халқимизнинг энг қадри баланд, маънавий аҳамияти юксак байрамларидан бири сифатида кенг нишонланмоқда. Бу сана — Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва бугунги эркин ҳаётимиз учун жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш кунидир.
Бугун Бандихон туманида ҳам ушбу муборак сана муносабати билан хотира ва қадрлаш тадбирлари кўтаринки руҳда ташкил этилди. Туман ҳокими Абдумалик Алламурадов бошчилигида меҳнат фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида “Мотамсаро она” монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг жасорати ёдга олиниб, уларнинг мардлиги ва матонати ёш авлод учун ҳақиқий ибрат экани таъкидланди.
Аждодларимизнинг қаҳрамонлиги, сабр-тоқати ва Ватанга садоқати — бугунги ёшлар қалбида ҳам ватанпарварлик, фидойилик ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Хотира — муқаддас. Қадрлаш эса инсонийликнинг энг олий фазилатидир.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









