Бандихонда яна бир замонавий мактаб бунёд этилмоқда
2026-04-23 10:30:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида таълим соҳасини ривожлантириш, ёшлар учун муносиб шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Қалдирғоч маҳалласида яна бир муҳим ижтимоий лойиҳа — замонавий мактаб биноси қурилиши жадал олиб борилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда, айниқса олис ҳудудларда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни замонавий ва қулай шароитларда ўқитиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу эътибор натижасида мактаблар янгиланиб, янги таълим масканлари барпо этилмоқда.
Қалдирғоч маҳалласида жойлашган 19-сонли умумтаълим мактаби ҳозирга қадар икки алоҳида бинода фаолият юритиб келган. Ушбу бинолар 1982 ва 2008-йилларда қурилган бўлиб, ўқувчилар икки сменада таълим олиб келишади.
Эндиликда мазкур муаммо босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Умумий қиймати 2,7 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 180 ўринли янги, замонавий ўқув биноси қурилмоқда. Ушбу янги мактаб нафақат ўқувчилар сонини қамраб олиш имкониятини кенгайтиради, балки уларнинг билим олиши учун янада қулай, ёруғ ва замонавий муҳит яратади.
Янги мактаб — бу шунчаки бино эмас, балки келажак авлоднинг мустаҳкам пойдеворидир!
Бандихонда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда — фарзандларимиз учун янада яхши шароитлар яратилмоқда.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати






