Таълимга эътибор — келажакка инвестиция
2026-04-20 15:30:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бандихон тумани Қудуқсой маҳалласида жойлашган 33-сонли умумтаълим мактабида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.
Мазкур ҳудудда умумий қиймати 3,3 миллиард сўмни ташкил этувчи, 240 ўринли замонавий қўшимча бино барпо этилмоқда. Ушбу янги иншоот ўқувчиларга янада қулай ва замонавий шароитда таълим олиш имконини яратиб, мактабнинг қатнов коеффициентини камайтиришга хизмат қилади.
Қурилиш жараёнларини кўздан кечириш давомида сифат масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга сифациз қурилиш материалларидан фойдаланмаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Таълим маскани мустаҳкам ва узоқ йилларга хизмат қилиши учун ҳар бир детал муҳимлиги таъкидланди.
Янги бино фойдаланишга топширилгач:
— ўқувчилар учун ёруғ ва кенг синф хоналари
— замонавий жиҳозланган кабинетлар
— самарали таълим жараёнини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилади
Ташриф давомида вилоят раҳбари мактаб ўқувчилари билан самимий суҳбат ўтказди. Ёшларнинг орзу-интилишлари, келажак режалари тингланиб, уларга сифатли таълим олиш, билим ва касб эгаллаш йўлида барча имкониятлар яратилаётгани алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда таълим тизимини ривожлантириш, ўқувчилар учун замонавий шароитлар яратиш — энг устувор вазифалардан бири бўлиб, Бандихон туманида бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









