Бандихонда инвестиция лойиҳалари жадаллашмоқда
2026-04-20 15:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида аҳоли турмуш даражасини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов туманда бўлиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Қудуқсой маҳалласида 50 гектар майдонда ташкил этилиши режалаштирилган Термиз эркин иқтисодий зонасининг Бандихон филиалини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ҳудудни электр энергияси, ичимлик суви, оқова сув тизими ҳамда йўл инфратузиламалари билан таъминлаш бўйича лойиҳа ишлари жадаллаштирилиши белгиланди.
Вилоят раҳбари томонидан ажратилаётган давлат маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, барча ишларни аниқ режа асосида ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, Термиз ЭИЗ Бандихон филиалида амалга оширилаётган “Болалар озуқаси ва мева шарбатлари ишлаб чиқариш” лойиҳасининг лойиҳа-режалаштириш ишлари юзасидан масъулларнинг ҳисоботи тингланди.
Маълумот учун:
— 5 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади
— Умумий инвестиция ҳажми 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади
— 200 та янги иш ўрни яратилади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати





