Бандихонда имкониятлар чексиз: “Беш ташаббус параолимпиадаси” юқори руҳда ўтди
2026-04-13 10:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш ҳамда имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Беш ташаббус параолимпиадаси”нинг туман босқичи кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Мазкур мусобақа туман ҳокимлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман спорт бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилиб, унда фуқаролар ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишди.
Иштирокчилар қуйидаги йўналишларда беллашдилар:
• пара енгил атлетика
• пара шахмат
• пара шашка
• пара стол тенниси
• аравачада стол тенниси
Ҳар бир йўналишда қатнашган фуқаролар нафақат ғалаба учун, балки ўз имкониятларини синаб кўриш, иродасини мустаҳкамлаш ва жамиятда фаол ўрин эгаллаш йўлида чинакам намуна бўлишди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
Тадбир якунида миллий қадриятларимизга хос тарзда ош дамланиб, барча иштирокчиларга тарқатилди. Бу эса тадбирга янада самимийлик ва бирдамлик руҳини бағишлади.
Бундай ташаббуслар фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бандихонда ҳар бир фуқаро эътиборда, ҳар бир истеъдод қадрланади!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









