Уч авлод учрашуви: Мактабни йигирма йил олдин битирган битирувчилар мактабга замонавий доскалар ва спорт анжомлари совға қилишди
2026-04-11 09:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. 2006-йилда ушбу масканни тамомлаган бир гуруҳ битирувчилар орадан йигирма йил ўтиб, яна ўз мактабларига қайтишди.
Бу ташриф оддий учрашув эмас, балки уч авлод — устозлар, битирувчилар ва бугунги ўқувчиларни бирлаштирган маънавий кўприк бўлди. Собиқ битирувчилар ўзлари таълим олган даргоҳга ҳурмат ва миннатдорлик рамзи сифатида мактабга замонавий доскалар ҳамда спорт анжомларини совға қилишди.
Мазкур ташаббус ёшлар тарбиясида алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бугунги ўқувчилар ўзларидан олдинги авлод вакилларининг ютуқлари, ҳаётий йўли ва мактабга бўлган садоқатидан ибрат олади. Бу эса уларда Ватанга, таълим масканига ва устозларга бўлган ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, бундай эзгу ишлар жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва бирдамлик қадриятларини қарор топтиришга хизмат қилади. “Мактаб — муқаддас даргоҳ” деган тушунча айнан мана шундай амалий ишлар орқали янада мустаҳкамланади.
Уч авлод учрашуви нафақат эсдалик, балки келажак авлод учун кучли мотивация ва тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









