Соҳибқирон хотираси — авлодлар қалбида
2026-04-09 10:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида буюк саркарда, давлат арбоби ва миллат фахри Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги, туман Адлия бўлими, 9-сон маданият маркази ҳамда 1-сонли умумтаълим мактаби ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбир ёшлар қалбида миллий ғурур, тарихга ҳурмат ва аждодлар меросига садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан Амир Темур ҳаёти, жасорати ва давлат бошқарувидаги улкан хизматларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қизиқарли савол-жавоблар, беллашувлар ва спорт мусобақалари эса байрамга янада шукуҳ бағишлади.
Айниқса, 9-сон маданият маркази хонандаларининг куй-қўшиқлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, тадбирнинг унутилмас лаҳзаларига айланди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ҳамда мусобақаларда ғолиб бўлган жамоалар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай тадбирлар ёш авлодни буюк тарихимиз, бой меросимиз ва аждодларимизнинг ибратли ҳаёти руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Соҳибқирон мероси эса ҳамон биз учун куч, бирлик ва тараққиёт тимсоли бўлиб қолмоқда.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









