Танқидий таҳлил ва аниқ вазифалар — маҳалла тизимига янги ёндашув
2026-04-04 16:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида маҳалла тизими фаолиятини янада кучайтириш, аҳоли муаммоларига ўз вақтида ва манзилли ечим топиш масалаларига бағишланган муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг I чораги якунлари юзасидан ўтказилган “Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш кенгаши” йиғилиши туман ҳокими, кенгаш раиси Абдумалик Алламурадов раҳбарлигида ташкил этилди. Унда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, кенгаш аъзолари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Хусусан:
- “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали йўлга қўйиш,
- аҳолини бандликка жалб этиш ва камбағалликни қисқартириш,
- ёшлар билан манзилли ишлаш,
- ижтимоий ҳимоя,
- жиноятчиликнинг олдини олиш,
- оилавий ажримларни камайтириш,
- ноқонуний миграция ҳолатларига барҳам бериш
каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айрим маҳаллаларда мавжуд камчиликлар очиқ танқид қилиниб, масъулларга фаолиятни тубдан яхшилаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Сусткашликка йўл қўйган маҳалла еттилиги ходимларга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўрилди.
Йиғилиш якунида эса 2026-йил ИИ чораги давомида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олиниб, маҳаллаларда тизимли ишларни кучайтириш, аҳоли билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Зеро, кучли маҳалла — барқарор жамият пойдевори!









