"Ўзбекистон – 2030 стратегиясида қонун устуворлиги ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви"
2026-03-30 10:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадри, қонун устуворлиги ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқаруви тизимини шакллантириш масаласи турибди. "Ўзбекистон – 2030" стратегияси айнан шу мақсадларни изчил амалга оширишга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур стратегияда, аввало, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, аҳоли ташаббуслари ва давлат дастурлари доирасида маҳаллаларга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш белгиланган. Бу эса фуқароларнинг ўз муаммоларини ҳал этишда бевосита иштирокини таъминлаб, "халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилади" деган тамойилни амалда рўёбга чиқаради.
Шу билан бирга, давлат хизматларини аҳолига яқинлаштириш мақсадида маҳаллаларда интерактив киосклар орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 1 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириб, ортиқча қоғозбозлик ва вақт сарфини камайтиради.
Қонун устуворлигини таъминлашда ахборот технологияларининг ўрни ҳам катта. Хусусан, миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, бу тарихий ва ҳуқуқий маълумотларга очиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида қонунчиликни босқичма-босқич такомиллаштириш, шунингдек, улар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини трансформация қилиш орқали "бюрократия – нол" тамойилини жорий этиш режалаштирилган. Бу орқали ортиқча маъмурий тўсиқлар бартараф этилиб, фуқароларга тезкор ва самарали хизмат кўрсатишга эришилади.
Хулоса қилиб айтганда, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини халқ манфаатларига йўналтириш ва замонавий рақамли тизимларни жорий этиш орқали демократик ва очиқ жамият барпо этишга хизмат қилади. Бу эса мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб беради.
Жиноят ишлари бўйича
Бандихон туман суди
тергов судяси М.Абдумўминов
