Республика ишчи гуруҳи: Бандихонда ёшлар билан ишлаш янги босқичда
2026-03-26 11:30:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар учун илгари сурилган муҳим ташаббусларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда йигит-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида ҳудудларда ўрганиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, бугун Ёшлар билан ишлаш Республика комиссияси аъзолари томонидан Бандихон туманида ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Ташриф давомида тумандаги “Ёшлар штаби” фаолияти яқиндан кўздан кечирилиб, унинг ташкилий ишлари, ёшлар билан мулоқот тизими, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш механизмлари таҳлил қилинди.
Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўрганишлар давомида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ва илғор тажрибаларни кенг жорий қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бу каби ташаббуслар ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келажагимиз эгалари учун мустаҳкам пойдевор яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати





