"Ҳар пайшанба — имкониятлар куни" - Бандихонда ёш спортчилар билан учрашув ташкил этилди
2026-03-26 10:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда ёшлар сиёсатини изчил амалга ошириш, йигит-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда уларни замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Бандихон туманида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, иқтидор ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ёшлар дафтари” орқали муаммоларни манзилли ҳал этиш, стартап ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли имкониятлар яратиш, спорт ҳамда маънавий-маърифий лойиҳаларни кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
🗓 Ҳафтанинг “Пайшанба — ёшлар куни” муносабати билан Ёшлар билан ишлаш Республика комиссияси аъзолари, Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламурадов, туман прокурори Бобур Тошпулатов, туман ИИБ бошлиғи Жўрабек Тўраевлар тумандаги спорт мактабида ёш спортчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида туман раҳбарлари чемпион ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг келажакдаги орзу-интилишлари, режалари, эришган ютуқлари ҳамда мавжуд муаммолари билан қизиқди. Ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар диққат билан тингланди.
Суҳбат жараёнида ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан:
• “Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
• ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун "имтиёзли кредитлар ва грантлар";
• замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш учун "ўқув курслари ва марказлар";
• иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган "танловлар, лойиҳалар ва стипендиялар";
• спорт, маданият ва ижод йўналишларида ўз қобилиятини намоён этиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Таъкидланганидек, ёшлар — жамиятимизнинг энг катта бойлиги, юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Уларнинг билимли, ташаббускор ва ватанпарвар бўлиб вояга етиши учун барча шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси бўлиб қолади.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









