Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш: "меники бўлиб қолади" деган тушунча қанчалик хавфли?
2026-03-27 10:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Баъзи ҳолатларда одамлар "бу ер бўш ётибди", "бир оз фойдаланиб тураман" деган фикр билан ер участкасини ҳужжатсиз эгаллаб олишади. Аммо кўпчилик билмайдики, бундай ҳаракат оддий қоидабузарлик эмас, балки жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.
Ўзбекистонда ер давлат мулки ҳисобланади. Демак, ҳар қандай ер участкасидан фақат қонун асосида, тегишли рухсат билан фойдаланиш мумкин. Агар кимдир ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олса, у нафақат қонунни бузади, балки келажакда ўзини муаммога қўяди. Масалан, Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судида 2026 йилнинг дастлабки уч ойида айнан шу турдаги 3 та жиноят иши кўриб чиқилган. Натижада, икки нафар шахсга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган, яна бир нафар шахсга эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бу шуни англатадики, "шунчаки эгаллаб олдим" деган ҳаракат жиноят деб баҳоланиши мумкин.
Ерни ўзбошимчалик билан эгаллашнинг яна бир ёмон томони — у барибир қайтариб олинади. Яъни, сиз қанча маблағ сарфлаб, у ерда қурилиш қилган бўлсангиз ҳам, барчасини бузишга тўғри келиши мумкин. Бу эса вақт, пул ва асаб йўқотиш дегани.
Шунинг учун энг тўғри йўл — ер масаласида шошилмаслик ва қонунга амал қилиш. Ер олиш ёки ундан фойдаланишни истасангиз, албатта тегишли давлат органларига мурожаат қилиб, расмий рухсат олиш керак.
Хулоса қилиб айтганда, ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш "осон йўл"дек туюлиши мумкин, лекин унинг оқибати оғир. Қонунни четлаб ўтиш эмас, балки унга амал қилиш инсонни ортиқча муаммолардан асрайди.
Жиноят ишлари бўйича
Бандихон туман суди
тергов судяси М.Абдумўминов

