Бандихон туманида Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши йиғилиши ўтказилди
2026-03-11 17:00:00 / Янгиликлар

Бугун Бандихон туманида маҳалла тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда ҳудудларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган "Маҳаллани қўллаб-қувватлаш Кенгаши"нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Бандихон тумани ҳокими, маҳаллани қўллаб-қувватлаш Кенгаши раиси Абдумалик Алламурадов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, кенгаш аъзолари ҳамда маҳалла еттилиги иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, аҳолини бандликка жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш ҳамда ноқонуний миграция ҳолатларига барҳам бериш масалалари муҳокама қилинди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда маҳалла еттилиги раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлил қилиниб, мавжуд камчилик ва муаммолар атрофлича кўриб чиқилди.
Айниқса, ишсизлик, камбағаллик, жиноятчилик, оилавий ажрим ва миграция кўрсаткичлари юқори бўлган айрим маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар кескин танқид қилинди ҳамда масъулларга фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди ҳамда 2026-йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида масъулларга маҳаллаларда тизимли ишларни кучайтириш, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









