Бандихонда 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносиб нишонланди
2026-03-07 18:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманидаги “Хонсарой” тантаналар саройида 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туманнинг асосий байрам тадбири кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан бўлиб ўтди.
Баҳорнинг илк нафаси билан кириб келадиган ушбу қутлуғ айём — аёлларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг жамиятимиздаги беқиёс ўрнини эътироф этиш кунидир. Байрам тадбирида туманимизнинг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган, оилада меҳр ва садоқат тимсоли бўлган хотин-қизлар жам бўлишди.
Байрам тадбири аввалида жамият ривожи, маҳалла ҳаёти, таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда фаол меҳнат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламурадов иштирок этиб, жамиятимиз гултожлари бўлган азиз ва мўътабар хотин-қизларни баҳорнинг энг гўзал байрами — Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди.
Туман ҳокими ўз табрик сўзида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, илм-фан, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа кўплаб соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, аёллар — оиланинг меҳр чироғи, фарзандлар тарбиясининг пойдевори, жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи экани, уларнинг фидокорона меҳнати ва сабр-тоқати туфайли ҳаётимиз янада файзли ва мазмунли бўлиб бораётгани қайд этилди.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам байрамга янада файз бағишлади. Термиз шаҳридан ташриф буюрган “Неw стар” гуруҳи томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, дилбар рақслар ва саҳна чиқишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Самимий табриклар, эзгу тилаклар ва байрамона куй-қўшиқлар остида ўтган ушбу тантана аёллар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Азиз ва мўътабар хотин-қизларимиз — Сизлар жамиятимизнинг бебаҳо бойлиги, оилаларимизнинг ифтихори ва юртимиз равнақининг муҳим таянчисиз. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаймиз!
8-март — Халқаро хотин-қизлар куни барчангизга муборак бўлсин!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









