Бандихонда оталиққа олинган ёшлар билан учрашув ташкил этилди
2026-03-05 11:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида уюшмаган ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, хорижий тилларни ўрганишга жалб этиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда оталиққа олинган ёшлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири бугун Бандихон туманидаги 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди. Унда Бандихон тумани ҳокими А.Алламурадов, туман прокурори Б.Тошпулатов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ж.Тўраев ҳамда масъул ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
Учрашув давомида мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида атрофлича фикр юритилди. Шунингдек, ёшларнинг тарбияси, хулқ-атвори, бўш вақтини самарали ташкил этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир давомида ҳар бир ёш билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари, қизиқишлари ва келажакдаги режалари тингланди. Ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар мутасаддилар томонидан ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.
Шунингдек, учрашув жараёнида сўнгги пайтларда содир этилаётган айрим жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг жамият ва инсон ҳаётига салбий оқибатлари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилиб, ёшларга ҳуқуқий тушунчалар берилди. Ёшлар қонунларга ҳурмат руҳида яшаш, турли салбий иллатлардан йироқ бўлиш ҳамда ўз келажагини мустаҳкам пойдевор асосида қуришлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келажакда жамиятимизнинг фаол, ташаббускор ва масъулиятли фуқаролари этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









