Ёшлар сиёсати — келажакка қаратилган ишончли сармоя: “Пайшанба — ёшлар куни”
2026-03-05 10:00:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида ёшлар билан ишлаш, уларнинг таклиф ҳамда муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, стартап ва инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш, спорт ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни кенг йўлга қўйиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказилган мулоқотларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳафтанинг ҳар “Пайшанба — ёшлар куни” муносабати билан Бандихон туманида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди. Мазкур учрашувда Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламурадов, туман прокурори Б.Тошпулатов, туман ИИБ бошлиғи Ж.Тўраев ҳамда тумандаги Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг стартап лойиҳаларини молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда таълим олиш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, ёшларнинг келажак режалари, тадбиркорлик ғоялари ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ёшлар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг орзу-интилишлари, муаммо ва таклифларини атрофлича тингланди. Билдирилган фикр ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Учрашувда туманнинг ёш бахшиси Абубакир бахши Тўраев томонидан юрт мадҳини тараннум этувчи бахши термалар ижро этилиб, тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Учрашув якунида бир гуруҳ фаол ёшларга бадиий ва илмий китоблар совға қилинди.
Таъкидланганидек, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган, Ватанга садоқатли, билимли ва ташаббускор авлодни тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









