"Тозалик ва озодалик ойлиги" тадбирлари давом этмоқда
2025-11-05 08:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз раислигида жорий йил 14-октябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз бўйлаб "Тозалик ва озодалик ойлиги" эълон қилинган эди. Мазкур ташаббус доирасида Бандихон туманида ҳам кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳусусан, тумандаги 22 та маҳаллаларда ободонлаштириш, кўча ва хонадонлар атрофини тозалаш, чиқиндиларни йиғиш ва уларни ўз вақтида олиб чиқиш бўйича тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бугун эрталаб туман ҳокими А. Алламурадов бошчилигида тумандаги коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, ижтимоий соҳа мутасаддилари ҳамда "маҳалла еттилиги" аъзолари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.
Йиғилишда тозалик ва озодалик ишларини мунтазам ва тизимли йўлга қўйиш, доимий фаолият юритадиган махсус бригадаларни жалб этиш, кўп қаватли уйлар, ижтимоий обектлар ҳамда аҳоли яшайдиган ҳудудларда озодаликни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари иштирокида белгиланган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик рейд тадбирларини ташкил этиш топшириғи берилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари кечадан бошлаб иситиш мавсуми бошлангани маълум қилинди.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









