Арнасойликлар ғалла парваришига муҳим эътибор қаратмоқда
2025-03-28 23:45:00 / Қишлоқ хўжалиги

Арнасой туманида жорий йил ҳосили учун 8 минг 800 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли бажарилаётгани ҳосилдорликни оширишга замин яратмоқда.
– Фермерларимиз ғаллачиликда катта тажрибага эга, – дейди "Ўзагроинспекция"нинг Арнасой туман бўлими бош мутахассиси Равшан Холиқов. – Баравж ўсаётган майсалардан ҳам уларнинг омилкорлигини билса бўлади. Экинларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш, бегона ўтлар ва занг касаллигига қарши дорилаш ишлари бажарилмоқда.
Эътиборли жиҳати, ҳар бир фермер ҳосилдорликни камида 70 центнердан оширишни ният қилган. Ҳозирги кунда 7 та фермер хўжаликларининг 166,0 гектар, 356 та фермер хўжаликларида 8634,0 гектар ер майдонларига маҳаллий нав авлодга тегишли дон уруғлари экилиб, ғалла парваришлаш давом этмоқда.
Айни кунларда ғаллани баҳорги иккинчи озиқлантириш ишлари давомида 154 та фермер хўжаликларидаги 3494 гектар майдонлар азотли минерал ўғитлар билан ва 4478 гектар майдонлар баргдан озиқлантириш (суспензия) ишлари олиб борилмоқда.
Ғалла парваришида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Экинни озиқлантиришда маҳаллий ўғитдан ҳам фойдаланилса, ниҳоллар баравж ривожланади, сувга бўлган талаби камаяди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида далаларга маҳаллий ўғит чиқариш, экинларни “шарбат” усулида суғориш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Арнасой туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида фермер хўжаликлари томонидан ғалла парвариши бўйича олиб борилаётган ишлар назоратга олиниб, тегишли кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати





