Mahalla aholisi bilan yuzma-yuz uchrashuv bo‘ldi
2026-01-16 18:45:00 / Янгиликлар
Бугун (16 январь куни) Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев иштирокида Ангрен шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласи аҳолиси билан мулоқот учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, шунингдек 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни тушунтиришга қаратилди.
Тадбир аввалида Президент маслаҳатчиси томонидан Мурожаатномада белгиланган олтита устувор йўналишнинг мазмуни атрофлича ёритиб берилди. Ушбу йўналишларнинг ҳар бири халқ фаровонлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш каби муҳим мақсадларга хизмат қилиши алоҳида мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, бу вазифаларнинг жойларда қандай амалга оширилиши, масъул ташкилотлар ва идораларнинг вазифалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Шундан сўнг, "Тараққиёт" маҳалласи аҳолиси билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Учрашув давомида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни бевосита баён қилиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, маҳаллада кўп қаватли уйларни ва ички йўлларни таъмирлаш, болалар ўйингоҳларини ташкил этиш, ичимлик суви қувурларини таъмирлаш, шунингдек ҳудуддаги 18-сонли умумтаълим мактабининг стадионини ободонлаштириш, яшаш хонадонларининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби масалалар кўтарилди.
Президент маслаҳатчиси томонидан ушбу муаммоларни ижобий ҳал этиш, маҳаллага "Янги Ўзбекистон қиёфаси"ни олиб кириш юзасидан тегишли соҳа раҳбарлари ва масъулларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда ижро муддатлари белгиланди. Ичимлик суви таъминоти, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга оид масалаларни қисқа вақт ичида бартараф этиш бўйича чоралар кўриш вазифаси қўйилди. Маҳалладаги оид муаммолар эса шахсан ўрганилиб, жойига чиққан ҳолда ҳал этилиши маълум қилинди.
Мулоқот жараёнида ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган оилалар, уйида ётиб қолган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Тадбир давомида маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда фақат моддий масалалар эмас, балки маънавий-маърифий ишлар ҳам муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу боис Ангрен шаҳар маданият бўлими ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар бўлими билан ҳамкорликда маданий тадбирлар, адабий кечалар, мушоиралар ва маърифий учрашувларни мунтазам ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан амалий чораларни кўриш белгилаб олинди.
Самимий ва очиқ руҳда ўтган мазкур мулоқот аҳолининг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Фуқаролар ўзларининг таклиф ва муаммоларига бевосита эътибор қаратилаётганидан мамнун эканликларини билдириб, миннатдорлик изҳор этишди. Президент маслаҳатчиси эса халқ билан доимий очиқ мулоқотга тайёр эканлигини, барча масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, ўз вақтида ижобий ҳал этишда ҳамиша елкадош бўлишини таъкидлади.
Учрашув якунида Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов сўз олиб, ташриф, тарғибот ҳамда самимий очиқ мулоқот учун шаҳар аҳолиси номидан Президент маслаҳатчисига миннатдорлик билдириб, Давлатимиз Раҳбарининг Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг шаҳардаги ижроси масъуллар ҳамда аҳоли билан биргаликда олиб борилишини таъкидлаб ўтди.

