14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ангрен шаҳар ҳокими Райимов Алишер Абдумаликовичнинг нутқи
2026-01-13 17:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ангрен шаҳар ҳокими Райимов Алишер Абдумаликовичнинг нутқи
Ҳурматли ҳамшаҳарлар, ҳарбий хизматчилар, қадрли юртдошлар!
Аввало, сизларни “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34-йиллиги” ҳамда “Миллий армия-Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида кенг нишонланаётган 14-январ — Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан табриклайман.
“Бугунги кунда барчамиз — қайси соҳа, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда”.
“Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг азму шижоатингиз, эл-юртга садоқатингиз туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда.
“Юртимиз бўйлаб жасорат мадҳиялари янграётган бугунги улуғ кунларда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларимизнинг сўнмас хотираси олдида барчамиз ҳурмат бажо келтирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман”.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз ҳар томонлама замонавийлашиб, жанговар салоҳияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳарбий хизматчиларимизнинг ижтимоий ҳимояси, яшаш шароитлари, ҳарбий таълим ва тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса сизларнинг шарафли ва масъулиятли бурчингизни янада муносиб адо этишингизга мустаҳкам замин яратмоқда.
Бугунги байрам муносабати билан Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз хотирасини чуқур ҳурмат билан ёд этамиз. Уларнинг жасорати ва фидойилиги бугунги ва келажак авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолади.
“Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман. Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Жонажон ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафарлар доимо сизларга ёр бўлсин!”
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

