Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
2026-03-18 10:10:00 / Янгиликлар
Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятининг туман, шаҳар ва маҳаллаларда “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари, ярмаркалар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Андижон шаҳарининг Марказий ҳамда Деҳқон бозори, шунингдек, 14 та маҳалла гузарида иш бошлаган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари расталаридан “Андижон бозорлар уюшмаси”, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва савдо ташкилотларининг маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган 35 турдаги мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.
Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Ана шундай ярмаркалардан бири Шаҳрихон тумани агрофирмаси томонидан Андижон шаҳридаги “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини гузарида ташкил этилди.








