“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси юзасидан МАЪРУЗА
Ассалому алайкум ҳурматли Нуриддин Мўйдинхонович,
ҳурматли депутатлар!
Рухсатингиз билан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси юзасидан ахборот берсам.
Аввало қуйидагиларни таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ҳомийлик – улуғ иш. Хайрия жамғармалари ва хусусий хайриячи ҳомийлар тиббиёт, таълим ва экология соҳасидаги, шунингдек кам таъминланган, муҳтож ва оғир касалликка чалинган инсонларга ёрдам бериш каби жамиятдаги долзарб масалаларни ечишда катта масъулиятни ўз зиммасига оладилар. Бу ўзлигимизга хос бўлган ижтимоий фаоллик! Шунинг учун давлат бундай фаолият учун қулай ҳуқуқий шарт-шароит яратиши керак.
Ҳурматли депутатлар,
“Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хайрия фаолияти билан ҳар бир жисмоний ва юридик шахс шуғулланиши мумкин.
Бироқ, ҳомийлик маблағларини йиғиш тартиби қонунчиликда аниқ белгиланмаганлиги сабабли айрим саховатпеша ниқобидаги фирибгарга фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларнинг маблағлари ва мулкини ноқонуний эгаллаб олишга йўл очиб бермоқда. Натижада, манзилли ёрдам ҳақиқий муҳтожларга етиб бормаяпти.
Эҳтиёжманд аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатиш баҳонасида ижтимоий тармоқларда сохта эълонлар бериш орқали фуқароларнинг ҳомийлик хайриялари учун йўналтирилган маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бормоқда.
Мисол учун:
– “Саховат-Наманган” фонди раҳбарлари ўз шахсий банк карталарига йиғилган 4 млрд сўм хайрия пулларини муҳтожларга етказмасдан ўзлаштириб юборган;
– Термиз шаҳрида “Эҳсон ҳадялар (Сурхондарё)” телеграм канали орқали бир неча миллион сўм миқдоридаги ҳомийлик маблағлари ўзлаштириб юборилган;
– Фарғона вилоятида яшовчи шахс “Телеграм” мессенжерига бошқа бировнинг вояга етмаган қизининг касал ҳолатдаги суратини жойлаб, фуқароларнинг 25 миллион сўм хайрия пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.
Шу каби мисолларни яна кўп давом эттириш мумкин.
Бундай ҳолатларга жамотчиликнинг хайриядек улуғ ишга бўлган муносабатига бевосита таъсир кўрсатувчи йирик ижтимоий муаммо сифатида қараш лозим, деб ўйлаймиз.
Зеро, бу каби “сохта хайрияларнинг” давомий тус олиши жамоатчиликнинг келгусида ўзаро ёрдам, муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун бирлашиш каби “ижтимоий фаоллик” хиссига путур етказиши, қонуний асосда хайрия билан шуғулланувчи ташкилотларга бўлган ишончнинг пасайишига, қолаверса, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфининг ортишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ҳурматли ялпи мажлис иштирокчилари!
Мазкур қонун лойиҳаси ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, соҳадаги муаммолар, хусусан эҳтиёжманд аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатишда фирибгарлик ва бошқа қоидабузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
биринчидан, ҳомийлик ташкилотлари, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек ҳомийликни амалга оширувчи ва ҳомийлик олувчи юридик шахслар томонидан ҳомийлик хайрияларини нақд, нақдсиз ва мол-мулк шаклида йиғишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда.
Хусусан:
1) ҳомийлик хайрияларини нақд пул шаклида йиғиш фақат хайрия қутиси ёрдамида ёки ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилиши;
2) ҳомийлик хайриялари мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда қабул қилиб олинган мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилиши;
3) ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараёнлар бошланиши ва якуни бўйича оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда тегишли маълумотлар эълон қилиниши ва солиқ ҳисоботларида акс эттирилиши;
иккинчидан, жисмоний шахслар, шу жумладан кўнгиллилар томонидан ҳомийлик хайрияларини йиғишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда.
Хусусан:
1) жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларини нақд пул ёки мол-мулк шаклида фақат ўзи ёки яқин қариндошлари манфаатида йиғиши мумкинлиги, бунда нақд пул шаклидаги ҳомийлик хайрияларини фақат ўзларининг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига олиши кераклиги;
2) кўнгиллилар ўзига бегона бўлган ҳомийлик олувчиларга фақат эълон бериш орқали ҳомийлик хайрияларини йиғишга кўмаклашиши мумкинлиги;
бунда, хайрия пуллари фақат ҳомийлик олувчи ёки унинг яқин қариндошининг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига йиғилиши ёхуд уларга бевосита берилиши;
учинчидан, хайрия қутиси тушунчаси, уни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.
Хусусан:
– хайрия қутиси фақат ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилиши;
– хайрия қутиси нақд пул шаклидаги хайрияларни йиғиш учун мўлжалланган шаффоф идиш, уни очиш жойи ваколатли шахслар томонидан имзоланган, муҳрланган ёки пломбаланган бўлиши кераклиги;
– хайрия қутисида ҳомийлик хайрияларини йиғиш мақсади, уни ўрнатган юридик шахс ҳақидаги маълумотлар акс эттирилиши;
– хайрия қутисини очиш, хайрияни ҳисоблаш жараёни хайрия ташкилотчисининг ваколатли вакили ва камида икки нафар гувоҳ иштирокида амалга оширилиши, бу жараёнлар видеотасвирга олиниши, тегишли далотлатнома тузилиши ва ундаги маълумотлар бир кун муддатда жамоатчиликка эълон қилиниши;
– хайрия қутисидаги маблағлар у очилган кунда ёки кейинги иш куни ичида тегишли банк ҳисобрақамига кирим қилиниши.
тўртинчидан, хайрияларини йиғиш ва хайрия қутиларини ўрнатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ушбу тартиб ва қоидаларни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг
3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳурматли депутатлар!
Қонун лойиҳаси барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилган.
Шунингдек, лойиҳа тайёрлашда Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва Финландия каби мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилган.
Ҳурматли депутатлар!
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши:
– ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга;
– хайрия маблағлари сарфланиши ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имконияти яратилишига;
– ҳомийлик субъектларининг масъулияти ошишига ҳамда ҳомийлик олувчиларнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкам ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Ҳурматли депутатлар, мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллаб беришингизни сўраймиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
