Адлия органлари ва муассасаларида ходимларни ишга қабул қилиш тартиби
АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИДА ХОДИМЛАРНИ
ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Ишга қабул қилиш “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 24 мартдаги “Адлия органлари ва муассасаларида кадрлар сиёсатини белгилаш ва кадрлар билан ишлаш соҳасига оид ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 68-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган “Адлия органлари ва муассасаларида ҲР-менежмент тизими тўғрисида”ги НИЗОМ билан тартибга солинади.
Ходимларни ишга қабул қилиш, уларни жой-жойига қўйишнинг умумий талаблари.
Адлия органлари ва муассасаларига жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан қатъи назар, ўзининг касбий, ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси ва соғлиғига кўра адлия органлари ва муассасаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибда хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қабул қилинади.
Қонунчилик ҳужжатларида лавозимларнинг айрим тоифаларига тайинлаш учун қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.
Ишга қабул қилинган ходим томонидан ишга кириш жараёнида била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланган ҳолларда ушбу ходимни ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилади ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ваколатли органга юборилади.
Танлов ўтказиш ва унда иштирок этиш тартиби
Адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади.
Танлов қуйидаги босқичлардан иборат:
-
Номзодларни дастлабки ўрганиш;
-
Тест синови;
-
Суҳбат.
Бўш (вакант) лавозимларга танлов ўтказиш ҳақидаги эълон vacancy.adliya.uz веб-сайтига жойлаштирилади.
Адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилишга оид танлов жараёнлари “МинЖуст ҲР” автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда – Тизим) орқали амалга оширилади.
“МинЖуст ҲР” автоматлаштирилган тизими – адлия органлари ва муассасалардаги меҳнат муносабатларига оид маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда кадрлар соҳасидаги иш юритиш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, ушбу соҳага алоқадор давлат органлари ва ташкилотлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот тизими.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзод Адлия вазирлигининг www.vacancy.adliya.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинети орқали қуйидагиларни Тизимга бириктириши лозим:
– шахсий варақаси (маълумотнома-объективка),
– диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи тан олиш ва нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг битирувчи курсларида таълим олаётганлар бундан мустасно;
– 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосурати;
– фуқаролик паспорти ёки идентификация ИД картаси нусхаси.
Номзод бўш (вакант) лавозимларга танлов ўтказиш ҳақидаги эълонда кўрсатилган лавозимларнинг фақат биттасини танлаши ва танланган лавозим бўйича танловда иштирок этиш мумкин. Номзод бир вақтнинг ўзида бошқа эълонда кўрсатилган лавозим бўйича танловда иштирок этиш учун ҳужжат топшириши мумкин.
Танлов ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида номзодга Тизим орқали унинг электрон почтасига хабарнома ёки телефонига СМС хабар юборилади.
Номзод ушбу Низом қоидаларида назарда тутилган талабларга мос келмаганда, ишга кириш учун ҳужжатлар ўз вақтида тўлиқ Тизимга бириктирилмаганда ёки била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилган тақдирда номзодни ишга қабул қилиш рад этилади.
Тест босқичи:
Тестнинг битта вариантида 30 та савол, ҳар бир саволга 4 та («А», «Б», «С», «Д») жавоблардан иборат бўлиб, Ишчи орган томонидан давлат тилида тайёрланади.
Номзодга Адлия вазирлигининг www.vacancy.adliya.uz сайтидаги шахсий кабинети орқали тест саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши керак. Танланган лавозим бўйича фақат бир маротаба тест синовини топшириш мумкин. Тест синови 30 та тест саволларига жавоб белгиланган вақтда ёки “тестни тугатиш” тугмаси босилганда якунланган ҳисобланади. Бунда номзодларнинг ҳар бир тўғри жавоби учун бир балл, нотўғри ёки белгиланмаган жавобга ноль балл берилади.
Тест синови натижаларига кўра камида 21 та саволга тўғри жавоб берган номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбатга чақирилади. Бу ҳақда номзодга Тизим орқали электрон почтасига хабарнома ёки телефонига СМС хабар жўнатилади.
Тест натижаси номзоднинг www.vacancy.adliya.uz сайтидаги шахсий кабинетида автоматик акс эттирилади.
Суҳбат жараёни:
Номзод Тизим орқали 3 та саволни автоматик генерация йўли билан танлайди. Танланган саволлар Ишчи орган томонидан чоп этилади. Саволларни қайта танлашга, ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Суҳбат натижалари бўйича ҳар бир савол ўн баллик тизимда баҳоланади.
Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизи ва ундан юқорисини тўплаганда номзод лавозимга тавсия этилади. Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда комиссия аъзолари томонидан номзод суҳбатдан ўтмаган деб эътироф этилади.
Номзод томонидан тўпланган баллар, баҳолаш натижалари ҳамда комиссия хулосаси танлов якунланган куни номзодларга ўқиб эшиттирилади ва Тизим орқали номзоднинг шахсий кабинетига ёки телефонига СМС хабар юборилади.
Номзоднинг шикоят қилиш ҳуқуқи
Танлов натижаларидан норози бўлган номзод ўн кун муддат ичида адлия вазирига, шунингдек судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
