BIMT ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигидаги минтақавий тадбир бошланди!
2025-11-05 12:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун, 5 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти (БИМТ) ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида “Аёллар етакчилигидаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун интеллектуал мулкни бошқариш клиникаси” лойиҳасининг якуний ҳисобот тадбири бошланди.
Ушбу тадбир Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа мамлакатларидаги (CACEEC) аёллар раҳбарлигидаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги салоҳиятини ошириш ҳамда бизнесни ривожлантиришда интеллектуал мулк стратегиясининг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.
Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тадбиркор аёллар, хусусан, тўқимачилик соҳасидаги йирик корхоналардан бири — “Нуртекс” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхона раҳбари Мухаббат Ташмуҳаммедова меҳмонларга ишлаб чиқариш жараёни, аёллар меҳнати улуши ва интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Такидлаш лозимки, бугунги кунда компания махсус кийимлар ва пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 1000 дан ортиқ иш ўрни яратган.
Тадбирда БИМТнинг юқори даражадаги вакиллари — Хабип Асан, Илья Грибков, Саидаҳмад Азимов, шунингдек, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонлик лойиҳа иштирокчилари, Адлия вазирлиги раҳбарияти ҳамда маҳаллий тадбиркор аёллар иштирок этмоқда.









