Адлия вазири ўринбосари Н.Мухаммадиев Косон туманидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилди
2025-11-04 09:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири ўринбосари Қашқадарё вилояти Косон туманида маҳаллий тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг фаолияти давомида дуч келаётган ҳуқуқий ва амалий муаммоларини тинглади.
Тадбиркорлар асосан кредит олишдаги тўсиқлар, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, патент олиш, кадастр ва рўйхатдан ўтказиш жараёнларидаги муаммолар, шунингдек, лицензиялаш тизимидаги бюрократик ҳолатлардан шикоят қилишди. Н.Мухаммадиев ҳар бир мурожаатни алоҳида қайд этиб, тегишли масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берди.
Сайёр қабул давомида масъуллар томонидан 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қабул қилинди, шундан 11 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 5 нафар мурожаатчининг муаммолари жойида ҳал этилди, ўрганиш талаб этилган 10 та мурожаат кўриб чиқиш учун иш юритувига қабул қилинди.
Сайёр қабул якунида, Адлия вазирлиги ҳар доим тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолияти учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш йўлида амалий чоралар кўришини таъкидлади. Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди, кўтарилган масалалар бўйича аниқ ечимлар белгилаб олинди.


