Adliya vaziri Акбар Ташкулов ҳамда Германия Федератив Республикаси Бундестагининг адлия ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Карстен Мюллер бошчилигидаги делегацияси ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
2025-10-31 15:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири А.Ташкулов делегация вакилларига Адлия вазирлигининг вазифа ва функциялари ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида, хусусан, рақамли адлия, сунъий интеллект асосидаги “LexAI” ҳақида сўзлаб берди.
Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги, Европа Иттифоқининг “TWINNING” лойиҳаси доирасида миллий қонунчилик базасини тизимлаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Карстен Мюллер, ўз навбатида, адлия ва ҳуқуқ соҳасида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни юксак баҳолади. Шу ўринда, аҳолига давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимига қизиқиш билдирди.
Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилганлиги, мазкур портал орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслахат олишлари учун имконият яратилгани қайд этилди.
Учрашув давомида Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисида Қўшма декларация имзоланганлиги ҳамда мазкур ҳужжат доирасида инсон ҳуқуқлари, нормаижодкорлиги, рақамлаштириш, коррупцияга қарши экспертиза, ювенал юстиция, интеллектуал мулк муҳофазаси, арбитраж, оилавий ва фуқаролик ишларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш имкони яратилгани қайд этилди.







