Ўзбекистонда изчил ва соддалаштирилган норматив-ҳуқуқий база сари
2025-10-29 17:45:00 / Вазирлик янгиликлари

🔹 Бугун, Адлия вазирлиги, Германия Халқаро Ҳуқуқий Ҳамкорлик Жамғармаси (IRZ) ва Латвия Адлия вазирлиги ҳамкорлигида, Европа Иттифоқи ҳомийлигидаги “Twinning” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда изчил ва соддалаштирилган норматив-ҳуқуқий база сари” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
🔸 Тадбирда Европа Иттифоқи, Германия ва Латвия элчихоналари вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, халқаро ташкилотлар ҳамда 20 дан ортиқ вазирлик ва идора масъуллари иштирок этди.
🔹 Симпозиумда қонунчиликни тизимлаштириш ва соддалаштириш, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими ва уни такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
▪️ Мамлакатимизда 2021 йилдан буён қонунчилик ҳужжатлари ва улар таъсирини баҳолаш тартиби жорий этилган бўлиб, 2024 йилдан лойиҳаларни ишлаб чиқишдан олдин, уларнинг концепцияси асосида баҳолаш тартиби йўлга қўйилди. Бунинг натижасида сўнгги 3 йилда қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларидан асоссиз лойиҳалар чиқариб ташланиб, 660 млн АҚШ долларидан зиёд харажатларнинг олди олинди.
▪️ Шунингдек, 35 мингдан ортиқ мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилди, 160 дан зиёд рухсатнома ва лицензиялар қисқартирилди ҳамда 3 мингга яқин аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинди.
🔹Тадбир доирасида Германия ва Латвия мутахассислари халқаро тажриба асосида қонунчиликни соддалаштириш ҳамда тартибга солиш сиёсатини такомиллаштиришга оид илғор ёндашувларни тақдим этишди.
🔸 Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериб, Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.





