Адлия вазири ўринбосари Н. Мухаммадиев ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) экспертларидан иборат делегация ўртасида учрашув ўтказилди.
2025-10-16 10:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири ўринбосари Н. Мухаммадиев Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) экспертларидан иборат делегация билан учрашув ўтказди.
Н. Мухаммадиев мазкур учрашувда KOICA агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Сунъий интеллектга асосланган юридик хизмат муҳитини яратиш ва Корея – Ўзбекистон ҳуқуқ марказини ташкил этиш” лойиҳасини (қиймати 14,5 млн АҚШ доллари) Ўзбекистон ҳуқуқ тизими тарихидаги стратегик ташаббуслардан бири эканлигини қайд этди.
Маълумот учун: мазкур лойиҳа нафақат замонавий рақамли юридик инфратузилмани, балки сунъий интеллект технологияларига асосланган юридик хизматларни ривожлантиришни, аҳолига қулай ва тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйишни назарда тутади.
Учрашувда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) экспертлари билан қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
▪️ Сунъий интеллект ва ахборот технологияларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳолати;
▪️ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳолати;
▪️ Мамлакатимизда ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказиш, ушбу соҳани рақамлаштириш, жумладан, Lex.uz қонунчилик маълумотлари миллий базаси имкониятлари;
▪️ Ахборот технологияларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятида сунъий интеллект ва ахборот технологияларини қўллаш соҳасидаги мутахассислар ҳамда махсус жиҳозларга бўлган эҳтиёжлар.
Учрашув якунида мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилиши режалаштирилаётган Корея – Ўзбекистон ҳуқуқ маркази икки давлат ўртасида ҳуқуқий билим ва тажриба алмашинуви марказига айланиши, шунингдек, ушбу марказ Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Корея ҳамкор ташкилотлари ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлаб, янги таълим дастурлари, қўшма тадқиқотлар, семинар ва конференциялар учун кенг имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.





