Фарғонада адлия бўлимлари томонидан киритилган таъсир чоралари натижасида аҳолининг нореал 97,5 млн сўм қарздорлиги бекор қилинди
2025-10-15 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Вилоятдаги 19 туман ва шаҳарларда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 152 маҳаллада “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси тўлиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида уйма-уй юриш тадбирлари давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 6-февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари”га асосан, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар ушбу қоидалар ва шартнома (битим)ларга мувофиқ амалга оширилиши мониторинг қилинди.
Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли масъул ташкилотларга жами 51 та таъсир чоралари киритилди. Қува тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 425 нафар фуқароларга жами 15,5 млн сўм нореал қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланиб, адлия бўлими тақдимномасига асосан мазкур нореал қарздорликлар бартараф этилди.
Бундай нореал қарздорлик ҳисобланган хонадонлар сони вилоят кесимида 1 229 тани, қарздорлик суммаси эса 97,5 млнни ташкил этди ҳамда мазкур барча нореал қарздорликлар адлия бўлимлари томонидан киритилган таъсир чоралари натижасида бекор қилинди.
Бундан ташқари, 74 та МФЙда чиқиндилар хонадонлардан қонунчиликда белгиланган тартибда сигнал усулида ҳар уч кунда бир марта эмас, балки ҳафтасига бир марта ва ҳатто 10 кун, икки ҳафтада бир марта олиб кетилаётганлик ҳолатлари аниқланиб, киритилган таъсир чоралари натижасида режа-графиклар қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилиб, чиқиндиларни ҳар уч кунда бир марта олиб кетиш тизими йўлга қўйилди.
Мониторинг давомида маҳаллаларда хизмат кўрсатувчи ташкилот билан белгиланган тартибда шартнома тузмаган ҳолда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлик ҳолатлари аниқланиб, вилоят миқёсида 55 та МФЙда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича оммавий шартномалар тузилди ва 52 мингдан ортиқ хонадонларда яшовчи 200 мингдан ортиқ аҳолининг коммунал соҳадаги ҳуқуқлари тикланди.
