Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш қонун ҳужжати билан тартибга солинмоқда.
2025-10-09 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 7-октябр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 06:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 07:00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Аҳоли истиқомат қиладиган кўп қаватли уйларда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошиб кетадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга ошириш мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун компенсация суд тартибида ундирилиши, компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмаслиги, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг соғлиғи ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилади.
Муҳокама натижасига кўра, Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан бир овоздан қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилди.


