Илҳомлантирувчи учрашув: Дилором Йўлдошева қўшработлик хотин-қизларга тажрибалари билан ўртоқлашди
2025-10-06 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Хабарангиз бор, жорий йилнинг август ойида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Қўшработ тумани Навкат маҳалласида “Фаровонлик маркази” фойдаланишга топширилган эди. Кеча адлия вазири Акбар Тошқулов туман ҳокими ва вилоят фаоллари билан бирга мазкур марказда бўлиб, унинг бугунги иш фаолиятини кўздан кечирди. У ерда иш билан таъминланган маҳалла фуқаролари, бепул хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли билан мулоқотда бўлди.
Марказда таълим, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишлари йўлга қўйилган, — деди адлия вазири Акбар Тошқулов. — Бепул чет тили курслари, IT курслари, тикиш-бичиш, миллий қўғирчоқ ясаш устахонаси, қуриқ меваларни қайта ишлаш ва қадоқлаш, касб-ҳунар курслари шулар жумласидан. Мухими, чет тилини ўзлаштирган ёшлар қонуний йўл билан хорижда ишга жойлашишига кўмаклашилади. Йил якунига қадар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланиб, 11 нафар фуқаро инглиз тилига, 20 нафардан ортиқ шахслар касб-ҳунарга ўқитилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, марказда “Матонат” фильми қаҳрамони, Сурхондарёлик Дилором Йўлдошева билан ҳам учрашув ташкил этилди. Аввало, аҳоли ва марказда ишлаётган, касб-ҳунар ўрганаётган фуқароларга ушбу фильм намойиш этилди. Сўнг Д. Йўлдошева билан мулоқот бўлиб ўтди. Хусусан, қаҳрамонимиз бу масканда тикиш-бичиш сирларини ўрганаётган аёлларга ўз тажрибаларини ўргатди, зарур маслаҳатлар берди. Ўз навбатида, хотин-қизлар ҳам ушбу учрашув уларга катта куч, шижоат ва илҳом берганини таъкидладилар.
Таъкидлаш керакки, бундай марказларнинг барпо этилиши аҳоли турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда иқтисодий фаолликни кучайтиришга хизмат қилади.






