Интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорлик
2025-09-26 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Лондон шаҳрида Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлиги, Савдо стандартлари, “Cambridge” университети, “IP House” ва “Film Distribution Association” ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда “Cambridge” университетига тегишли ўқув китоблар, дарсликлар (масалан, инглиз тили бўйича Рэймонд Мёрфи) ва бошқа материалларга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги вакиллари томонидан Ўзбекистонда “Cambridge” нашриётига тегишли китоб ва дарсликларнинг оригинал нусхаларини харид қилиш мумкин бўлган расмий дўкон очиш таклифи билдирилди.
Шу билан бирга, тадбирда контрафакт маҳсулотларни махсус ташкил этилган фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий корхоналар томонидан аниқлашнинг замонавий усуллари ўрганилди.
Тадбир якунида “Cambridge” университети нашриётига тегишли интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшма мониторинг тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш бўйича маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ва кинематография соҳасидаги нуфузли компаниялар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.



