“Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунига хилоф қарори ёки ҳаракати yoxud ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди.
2025-08-19 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 19 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунига хилоф қарори ёки ҳаракати yoxud ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди.
✅ Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
➖ давлат органлари ва ташкилотларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ўз фаолияти давомида амалга оширган қонунига хилоф қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан жисмоний (юридик) шахсга етказилган зарарни пул шаклида қоплаш;
➖ зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари;
➖ зарарни қоплаш тўғрисидаги суд ҳужжати ва ижро варақасини суд қарздор жойлашган ердаги давлат ижрочиси ва ҳудудий ҳокимликларнинг юридик хизматига юбориши, бунда инсон омили аралашувига йўл қўйилмайди;
➖ Жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳудудий Кенгашларга даврий ҳисобот тақдим этиб бориши.
✅ Қонун қабул қилиниши билан фуқароларга давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунига хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахслардан белгиланган тартибда регресс тартибида ундиришнинг қонуний асослари белгиланади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мансабдор шахснинг шахсий масъулиятини ошириш ҳамда давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
