“Tommy Hilfiger” брендидаги кийимингиз ҳақиқий бўлмаслиги мумкин!
2025-08-19 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

✅ Қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар истеъмолчиларни алдаш, тезда бойиб кетиш мақсадида машҳур компанияларнинг брендларидан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқаради ёки ушбу маҳсулотларни ҳар хил чегирмалар, акциялар ва бошқа кўринишларда сотувга таклиф қилади.
✅ Истеъмолчилар эса ўзига таниш бўлган “бренд маҳсулот”ларни “арзонроқ” нархларда сотиб олдим деб хурсанд бўлади, аслида эса “бренд ўғрилари” томонидан чув туширилганини ҳатто сезишмайди ҳам.
✅ Адлия органлари томонидан шунга ўхшаш ҳолат машҳур “Tommy Hilfiger” бренди билан ҳам содир бўлишининг олди олинди.
✅ Хусусан, вазирлик томонидан “Tommy Hilfiger Licensing B.V.” компаниясининг (Нидерландия) барчамизга таниш бўлган “Tommy Hilfiger” товар белгисига бўлган ҳуқуқлари “P.B.” МЧЖ томонидан бузилаётганлиги тўғрисидаги мурожаат кўриб чиқилди.
✅ Ўтказилган текширув натижасида “P.B.” МЧЖ томонидан “Tommy Hilfiger” товар белгисига ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилган контрафакт трикотаж маҳсулотлар сотувга таклиф этилаётгани аниқланди.
✅ Ҳолат бўйича вазирлик томонидан “P.B.” МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди ҳамда контрафакт кийим-кечак маҳсулотларидан “Tommy Hilfiger” товар белгилари олиб ташланиши, бунга имкон бўлмаган тақдирда эса тегишли товарларни йўқ қилиш мажбурияти юкланди.
⚠️ Ҳурматли тадбиркорлар!
Ўз брендингизни рўйхатдан ўтказишингизни ҳамда брендингиздан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига дуч келганингизда Адлия вазирлигининг “1008” ишонч телефони орқали хабар беришингизни ёки info@adliya.uz
электрон почта манзили орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз!
