Адлия вазири ўринбосари ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кўламига оид тақдимот билан танишди.
2025-08-18 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

“Ҳуқуқий тарғибот куни” фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этишда муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида Самарқанд вилоятидаги туман адлия бўлимлари томонидан ушбу тадбир доирасида ўтказилаётган ўрганишлар аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб, мазкур йўналишдаги муаммоларни камайишига хизмат қилмоқда.
👍Адлия вазири ўринбосари М.Истамов Самарқанд шаҳар "Девори кўндаланг" маҳалласда "Ҳуқуқий тарғибот куни" доирасида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш жараёни кўлами ҳамда бошқарма томонидан ташкил этилган “Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги” ва унинг афзаллигига оид тақдимот билан танишди. Унда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, қонунчиликдаги янгиликларни етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида кенг маълумот берилди. Мазкур ташаббус ўзини оқласа келгусида Самарқанд тажрибаси сифатида ҳудудларда ҳам жорий этилиши таъкидланди.
👍Шунингдек, маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Суҳбат жараёнида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш, ҳуқуқий ахборотни содда ва халқчил услубда етказиш, турли ижтимоий қатлам вакилларига мос йўналишда тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
👍Мулоқот давомида маҳалла вакиллари ўз таклиф ва фикрларини билдирди. Адлия вазири ўринбосари бу таклифларни амалиётга татбиқ этилиши бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Хусусан, “Ҳуқуқий тарғибот куни” доирасидаги тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши кераклиги, бу борадаги ҳамкорлик ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этди.






