Адлия вазирлигининг ўз олдига қўйган мақсадларида коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ва унга сабаб бўлувчи омилларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланган
2025-06-05 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Адлия вазирлигининг ўз олдига қўйган мақсадларида коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ва унга сабаб бўлувчи омилларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланган бўлиб, вазирлик ўз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида айнан коррупцияга қарши кескин ва тизимли курашиш белгиланган.
Мазкур йўналишда сўнгги йилларда қатор устувор ва самарали чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, соҳада рақамлаштириш жараёнлари жадал суръатларда амалга оширилиб, бу ўз навбатида инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, жараёнларни шаффофлаштириш ҳамда фуқаролар учун давлат хизматларини тез, оддий ва коррупциясиз тарзда тақдим этишга хизмат қилмоқда.
Адлия органлари ва муассасаларида ходимларнинг ҳалоллик стандартлари жорий этилиб, ҳар бир ходимдан қонуний ва виждонан хизмат қилиш қатъий талаб этилади.
Вазирлик фаолиятининг барча соҳасида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб, коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган.
Ходимларнинг адлия қадриятлари ва вазирлик миссиясининг туб мазмун-моҳиятини англаб етиши ҳамда улар томонидан соҳада нопок хатти-ҳаракатлар содир қилмаслиги учун таъсирчан назорат ўрнатилган. Хусусан,
Давлат харидларини амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя қилиниши, ишга қабул қилиш бўйича ўтказилаётган ҳар бир танловлар онлайн трансляция қилиниши, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳалари, жумладан давлат хизматлари кўрсатиш, фуқаролик далолатнома ёзувларини қайд этиш, юридик хизмат кўрсатиш жараёнлари ва ходимлар хатти-ҳаракатлари биноларда ўрнатилган кузатув камералари орқали узлуксиз мониторинг қилиниши йўлга қўйилган.
Вазирликда коррупцияга қарши курашишнинг асосий мақсадлари, жамиятда бу иллатга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаб, уларга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ва жавобгарлик муқаррарлиги тамойилини амалга ошириш юзасидан ҳудудларда манзилли ўрганиш ишлари доимий амалга оширилмоқда.
Тизимнинг ҳар бир соҳасида ўтказилувчи ўрганишлар таҳлилига кўра, инсон омилини қисқартириш, бюрократик ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш учун рақамли технологияларни янада кенгайтириш, шу жумладан сунъий интеллект имкониятларидан ҳам фойдаланиш масалалари кун тартибига қўйилган.
Шунингдек, ходимлар билан мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот ва этика тренинглари ўтказилиб, коррупцияга қарши профилактик ва превентив чоралар амалга оширилмоқда ва коррупциявий хатарларни бартараф этиш механизмлари мустаҳкамланмоқда.
Ўз навбатида, вазирлик 2020 йил 7 сентабрдаёқ Ўзбекистонда давлат органлари ичида 1-бўлиб “Cert International” халқаро ташкилоти томонидан вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланиб, халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлган. Шунингдек, 2023 ва 2024 йилларда ҳам қайта ўтказилган аудит натижаларига кўра Aдлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро стандартга мувофиқ фаолият кўрсатаётганлиги ҳақида хулоса қилинди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Адлия вазирлиги ҳар йили яхши баҳоланган ташкилотлар қаторида юқори ўринларни эътироф этиб келмоқда.
Шу билан бир қаторда, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида тезкор хабар бериш учун Ишонч телефонлари ҳамда махсус алоқа каналлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир фуқаро адлия тизимидаги қонунга зид ҳолатлар ҳақида мурожаат қилиши ва ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, қонуний чоралар кўрилиши кафолатланади.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги барча фуқароларни ноқонуний таклиф ва ваъдаларга ишонмасликка, фақат белгиланган расмий тартиблар орқали мурожаат қилишга чақиради.
