Онлайн амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар миқдори ва имкониятлари кенгайтирилади
2023-10-11 12:50:00 / Вазирлик янгиликлари
Самарқандда конференция шаклида бўлиб ўтаётган Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Умаров "Ўзбекистон нотариатини рақамлаштиришни ривожлантириш истиқболлари" мавзусида чиқиш қилди.
Ўз маърузасида Ўзбекистон нотариат тизимини ислоҳ қилиниши бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Таъкидлангандек, 2019 йилда Ўзбекистонда Президент фармони билан нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш белгиланди. Жисмоний ва юридик шахсларга тезкор нотариал хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, жумладан хусусий мулк эгалари ўз мулкини эркин тасарруф этиши ва ундан фойдаланишидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовлар олиб ташланди. Албатта ушбу кўрсаткичлар нотариат соҳаси рақамлаштирилиши натижасида амалга оширилди.
“E-notarius.uz” портали ишга туширилиб, фуқароларга ўзларига яқин нотариусни аниқлаш, нотариус қабулига навбатга электрон ёзилиш, ишончноманинг қонуний кучга эгалигини аниқлаш, мерос иши очилганлигини аниқлаш, масофадан туриб электрон мурожаат қилиш, мулкка бўлган тақиқни текшириш имконияти яратилди.
Нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш жараёнлари комплекс автоматлаштирилган “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Ушбу Тизим давлат органлири ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди, натижада нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали нотариус томонидан олиниши йўлга қўйилди. Натижада, фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳажми 87 фоизгақисқартирилди.
Нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш мурожаатчиларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилиши жорий этилди. Масофадан туриб, айрим нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқаёрдамида амалга ошириш имконияти яратилди.
Умуман олганда, республикамизда нотариал фаолият учун лицензия олишдан бошлаб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, уларни мониторинг қилиш жараёнлари барчаси ахборот технологияларининг ютуқларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Шу билан бирга, соҳани рақамлаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Жумладан, масофадан туриб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини янада такомиллаштириб, онлайн амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар миқдори ва имкониятларини кенгайтиришни, масофадан туриб фуқаронинг шахсини FACE ID тизими орқали аниқлашда хавфсизлик чораларини кучайтириш, айрим турдаги давлат хизматларини нотариуслар томонидан кўрсатилишини йўлга қўйиш орқали нотариуслар ваколатларини кенгайтириш, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими имкониятларини ва маълумотлар базасини такомиллаштириш режалаштирилган.


