Адлия вазирлиги: Интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлаш учун ахборот ресурси эгасининг шахсий жавобгарлигини кучайтириш лозим
2023-10-11 14:25:00 / Вазирлик янгиликлари
Жорий йилнинг 10 октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Адлия вазирлиги интеллектуал мулкни рақамли муҳитда ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича парламентга киритилган қонун лойиҳасини тақдим этди.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда ушбу тақдимот нотўғри талқин қилиниб, адлия вазири ўринбосари томонидан гўёки “интернетда интеллектуал мулк ҳуқуқбузарлиги буйича жавобгарлик Ўзкомназорат зиммасида эканлиги ҳамда унинг амалдаги раҳбари Агзам Абдуллаев ўз зиммасидаги вазифаларини қониқарли бажара олмаётгани” ҳақидаги ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилмоқда.
Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасида қатор муҳим ислоҳотлар амалга ошириб келинаётгани ҳамда интеллектуал мулк муҳофазасини янада мустаҳкамлаш учун амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозимлигини таъкидлади.
Хусусан, сўнгги йилларда интеллектуал мулк объектларидан рақамли муҳитда ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, вазирлик томонидан 2022 йилда биргина муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 31 % интернет тармоғида содир этилгани айтилди.
Дарҳақиқат, интеллектуал мулкка оид нормалар фақат махсус қонунларда белгиланган бўлиб, бошқа соҳавий қонунчилик ҳужжатларида етарлича ўз аксини топмаган.
Натижада ушбу соҳалар вакиллари ҳамда аҳолида интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳисси лозим даражада шаклланмаяпти ва интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилиши давом этмоқда.
Хусусан, қонунчиликда веб-сайт саҳифаси эгаси, блогер томонидан интеллектуал мулк объектларини интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқларда қонунга хилоф тарзда фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳақидаги аниқ норманинг ахборотлаштириш соҳасини тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатларида мавжуд эмаслиги юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Вазир ўринбосари таъкидлаганидек, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасидан келиб чиққан холда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ахборот ресурси эгасининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутадиган қўшимча киритиш долзарб ҳисобланади.
Шунингдек, М. Икрамов Ўзбекистон Респбликасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 121-моддасига ахборот ресурси эгасининг интеллектуал мулк соҳасидаги шахсий жавобгарлигини ошириш назарда тутилган қўшимча киритиш лозимлигини билдирди.
Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимча орқали веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот ресурсларида ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда ахборот-коммуникация муҳитида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг самарали ҳимоясини таъминлаш мақсад қилинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вазир ўринбосарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида сўзлаган нутқи билан ижтимоий тармоқлардаги айрим телеграм каналларда келтирилган маълумот бир бирига мос келмайди.
Маълумот учун, ялпи мажлис тафсилотларининг тўлиқ видео шаклини YouTube ижтимоий тармоғи орқали ҳам кузатишингиз мумкин.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ, била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш (туҳмат) маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддаси).
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
